Юкланмоқда...
Ferganamedia.uz 2024-йил 26-сентябрда Президент мақомоти ҳузуридаги АОКА томонидан электрон оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 414738. Ташкилотчи: «Fergana Media Press» МЧЖ.
Ferganamedia.uz 2024-йил 26-сентябрда Президент мақомоти ҳузуридаги АОКА томонидан электрон оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 414738. Ташкилотчи: «Fergana Media Press» МЧЖ.
ФУҚАРОЛАР УЙСИЗ, МАРАТ ШЕРИКСИЗ ҚОЛДИМИ?

Қурилиш компаниялари билан фуқаролар ўртасида тузилаётган шартномаларда битта атама баъзан бутун ҳуқуқий муносабатнинг мазмунини ўзгартириб кўрсатиши мумкин. Гап “инвестор” мақоми ҳақида кетмоқда. IMARAT DEVELOPMENT атрофидаги вазиятда ҳам айнан шу жиҳатга алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Тасаввур қилинг шартноманинг бир томонида масъулияти чекланган жамият, иккинчи томонида эса фуқаро “инвестор”сифатида қайд этилган бўлса албатта ўз-ўзидан савол туғилади! Хонадон сотиб олиш учун йиллар давомида маблағ тўплаган инсон ҳақиқатан ҳам инвестиция киритувчими ёки у қурилиши керак бўлган уйнинг харидорими?
Бу мақом унинг ҳуқуқларига қандай таъсир кўрсатади? Шартнома шартлари бажарилмаган тақдирда фуқаро ўз маблағини қайтариш учун қандай ҳуқуқий имкониятларга эга?
Албатта, шартномада “инвестор” атамасининг қўлланилиши ўз-ўзидан қонунбузарлик эмас. Аммо бу мақом ортида қандай ҳуқуқ ва мажбуриятлар яширингани фуқаролар учун очиқ-ойдин бўлиши шарт.
Чунки шартноманинг номи эмас, унинг мазмуни, маблағларнинг мақсади ва тарафларнинг ҳақиқий мажбуриятлари ҳуқуқий баҳолашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
IMARAT DEVELOPMENT билан боғлиқ жиноят ишида тилга олинаётган Жиноят кодексининг 168-моддаси фирибгарлик. Мазкур модда алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш орқали ўзганинг мулкини қўлга киритиш билан боғлиқ.
Бироқ фуқаролардан маблағлар қабул қилинган пайтда компания ўз мажбуриятларини бажариш имкониятига эга бўлганми? Уларга берилган ваъдалар қанчалик асосли эди? Маблағлар айнан қайси мақсадларга сарфланган?
Зеро, шартнома шартларининг бажарилмагани ёки пулнинг қайтарилмагани ўз-ўзидан фирибгарликни англатмайди. Бунинг учун жиноят таркибининг барча зарур белгилари, жумладан, маблағ олинган вақтдаги қасд ва алдаш ҳолатлари исботланиши керак.
Яна бир эътиборли жиҳат Жиноят кодексининг 192¹¹-моддаси. У нодавлат тижорат ташкилоти мансабдор шахсининг ваколатларини суиистеъмол қилиши билан боғлиқ.
Бу ўринда ҳам саволлар кўп. Компания раҳбарияти қандай қарорлар қабул қилган? Корхона номи ёки ташкилий маълумотларида ўзгаришлар бўлган бўлса, бунинг сабаби нима? Бундай ўзгаришлар фуқаролар олдидаги мажбуриятларга таъсир қилганми? Компаниянинг аввалги мажбуриятлари кимнинг зиммасида қолган?
Албатта, корхона номининг ўзгариши ўз-ўзидан жиноят эмас. Аммо агар мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш орқали қонун билан қўриқланадиган манфаатларга зарар етказилган бўлса, бу ҳолатлар тергов доирасида ҳар томонлама текширилиши лозим.
Қурилиш компанияси фаолиятидаги энг муҳим мезонлардан бири бу маблағларнинг мақсадли сарфланиши, қурилиш жараёнининг ҳақиқий ҳолати ва шартнома мажбуриятларининг бажарилишидир.
Фуқароларга ваъда қилинган хонадонлар қачон топширилиши керак эди? Қурилиш учун олинган маблағлар қаерга йўналтирилган? Компаниянинг молиявий ҳисоботлари қандай ҳолатда? Мажбуриятлар бажарилмаган бўлса, бунинг сабаби нима?
IMARAT DEVELOPMENT воқеаси фақат битта компания тақдири билан чекланиб қолмаслиги лозим. Бу қурилиш бозорида фуқаролар билан тузилаётган шартномаларнинг шаффофлиги, сармоядор ва харидор мақомининг аниқ белгиланиши ҳамда аҳоли маблағларининг ҳимоя қилиниши масаласини ҳам кун тартибига олиб чиқади.
Чунки уй-жой сотиб олиш орзуси билан пул тўплаган фуқаро компаниянинг муаммолари қурбонига айланмаслиги керак.

Муаллиф
Шухратжон ЭсановИзоҳлар йўқ.
Ferganamedia.uz 2024-йил 26-сентябрда Президент мақомоти ҳузуридаги АОКА томонидан электрон оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 414738. Ташкилотчи: «Fergana Media Press» МЧЖ.