Юкланмоқда...
Ferganamedia.uz 2024-йил 26-сентябрда Президент мақомоти ҳузуридаги АОКА томонидан электрон оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 414738. Ташкилотчи: «Fergana Media Press» МЧЖ.
Ferganamedia.uz 2024-йил 26-сентябрда Президент мақомоти ҳузуридаги АОКА томонидан электрон оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 414738. Ташкилотчи: «Fergana Media Press» МЧЖ.
Ушбу мақола 1992 йилдаги Мингбулоқ нефт фаввораси воқеаларини бевосита жойидан ёритган журналист сифатидаги шахсий хотираларим, кузатувларим ва ўша йиллардаги кундалик қайдларим асосида ёзилди. Унда тарихий воқеалар билан бир қаторда, воқеа иштирокчилари, қарор қабул қилиш жараёнлари ва ўша давр руҳияти ҳақидаги шахсий таассуротлар ҳам акс этган.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Муҳаммаджон Обидов
Мингбулоқ 1992 йил. Ўзбекистон учун иқтисодий, ижтимоий, сиёсий жиҳатдан мураккаб давр эди. Мамлакат мустақилликка эришгани қанчалар тарихий, буюк воқеа бўлмасин, дастлабки йиллари юзага келган иқтисодий қийинчиликлар туфайли халқ ҳали унинг ҳақиқий аҳамияти, қадрини чуқур тушуниб етмаган. 1991-1992-йилларда давлатлараро собиқ иттифоқ тизимидаги кооперация издан чиқди. Яъни, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳом ашё базаси сифатида асосан пахта, боғдорчилик маҳсулотлари етказиб берган. Марказлашган режалаштириш қўмитаси тақсимотига кўра саноат маҳсулотлари, озиқ-овқат, масалан ғалла Россия, Украина ва Қозоғистондан келтирилган. Бир неча ўн йиллар давомида шу, тажрибадан ўтган усулда яшади халқлар. Пахта хом-ашёси асосан Россия тўқимачилик корхоналарига юборилар, эҳтиёждан ортгани эса яна ўша марказлашган режалаштириш қўмитаси тақсимоти билан хорижга экспорт қилинган. Қаерга, қанчадан, буни деҳқон ҳам, маҳаллий амалдорлар ҳам билмаганлар.
Ун, ёғ, совун, шакар каби энг бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари аҳоли жон бошига белгиланган ойлик миқдорда етказиб бериладиган бўлди. Масалан, жон бошига бир ойда 2 кг ун, 800 грамм пахта ёғи, 200 грамм шакар, бир дона кир совуни…
Ўзбекистондаги мавжуд ишлаб чиқариш корхоналари Россия, собиқ шўро ҳудуди давлатлари билан чамбарчас боғлиқ бўлган. Қўшимча қийматли ҳамда экспортбоп маҳсулотлар жуда кам эди. Пахта толаси эса ўша пайтда Англиянинг Ливерпул биржасида сотилган. Ўзбекистонда эса эҳтиёж учун етарли қаттиқ валюта, экспортга сотиш тажрибаси, ҳорижий тилларда савдо қилиш малакасига эга мутахассислари жуда кам бўлган. Вазиятни таҳлил қилган давлат раҳбари мамлакатда “янги уй қурмай эскисини бузма” деган шиорни жорий қилди.
Ўзбекистон 1994 йилга қадар Россиянинг “рубль” ҳудудида қолди. Барча иқтисодий алоқа, савдо-сотиқ, одамлар оарсидаги олди-берди рубл орқали эди. Бу эса 1992 йилдаёқ кескин инфиляцияга олиб келди. Собиқ иттифоқ ўрнида пайдо бўлган давлатлардаги энди халқаро иқтисодий институтлар тан олмайдиган ортиқча рубллар Ўзбекистонга оқиб келарди. Бу эса пул массасининг ўсиши ва нархларнинг кун сайин ошиб боришига сабаб бўлди.
Маълумки, Ўзбекистон мустақилликка эришгунча ўзининг Мудофаа вазирлиги, Чегара қўшинлари бўлмаган. Турк ВО (Туркистон ҳарбий округи) деган ҳарбий тузилма Ўрта Осиёдаги бешта республика, жумладан Ўзбекистонни ҳам камраб олганди. Мустақиллик эълон қилингач, бирламчи вазифа – мамлакат мудофаа вазирлигини тузиш, чегара қўшинларини ташкил этиш бўлган. Ҳарбий техника, қурол аслаҳа, зарур анжом, чегара инфратузилмаси… Э ҳе, буларнинг барчасига пул, қолаверса озмунча волюта керакмиди?
Ўзбекистон мустақиллиги эълон қилинган 6 ойда 83 та давлат уни тан олди ва дипломатик алоқалар ўрнатиш истагини, яъни икки томонлама элчихоналар очиш ташаббуси билан чиқди. Хорижда элчихона очиш учун эса айтайлик, ижарага бино-иншоат, транспорт воситалари, дипломатларга уй-жой, алоқа анжомлари, фаолият учун бюджет… бунга ҳам бир дунё волюта талаб қилинган.
Ички сиёсий вазият ҳам якдил эмасди. Тохир Йўлдошев ва Жума Хожиев(Намонгоний) мустақилликнинг тўртинчи ойида Наманганда давлат бошқарув идорасини эгаллаб олиб, 30 минг тарафдорларини йиғиб, ислом республикаси тузамиз дея шарт қўйди. Ҳайриятки, бу бало олови улар ўйлаганидек Фарғона, Андижон вилоятлари, Тошкент шаҳрига туташиб кетмади.
Мамлакат мустақиллигининг эндигина олти ойини босиб ўтган даврда у шу каби муаммолар гирдобида эди.
Шундай ҳар жиҳатдан оғир шароитда “йилт” этган ижобий ютуқ, давлат мустақиллигига ҳизмат қилувчи янгилик катта воқеа сифатида баҳоланган.
Интиқ кунларнинг бири – 1992 йил 2 мартида Наманган вилоятининг Мингбулоқ туманидаги бурғулаш майдонларининг бирида нефт фонтани отилиб чиқди!
Унинг баландлиги 50-60 метр эди. Чунки мутахассислар фикрича нефт фаввораси 5,5 минг метр ер остидан 1000 атмосфера, ер устига чиққач 700 атмосфера босим билан отиларди. Бу хабар шу заҳотиёқ нафақт Ўзбекистон, бутун дунё эътиборини тортди. Россия, АҚШ, Озарбайжон каби мамлакатларнинг нефт бурғулаш тармоғи мутахассислари Мингбулоқдаги каби юқори босмли фонтан дунёда ўнтадан ошмаслигини, уни жиловлаб ҳар куни отилиб чиқётган ўн минглаб тонна нефтни қайта ишлаш ёки экспортга йўналтириш Ўзбекистонга катта даромад келтиришини таъкидладилар.
3 март куниёқ “Ахборот” Мингбулоқда нималар рўй бергани ҳақидаги дастлабки репортажни намойиш қилди. Бутун Ўзбекистонда байрам, ўйин-кулгу бошланди.

Архив
Фавворани кўргани келган одамлар, ҳатто журналистлар, “Ўзбекистон энди Қувайтга айланади”, деган иборани қайта-қайта такрорлайдиган бўлишди. Мамлакат бош вазири ўринбосари Қаюм Ҳаққулов бошчилигидаги соҳанинг етук мутахассислари Мингбулоқда иш бошладилар.
Бу каби юқори босимли нефт отилиб чиққани қанчалар қувончли бўлмасин, аслида вазият ғоят мураккат ва оғир эди.
Биринчидан, нефт фаввораси босими ноёб даражада юқори бўлган. Бунинг ижобий томони – агар уни жиловлаб олинса, дарҳақиқат у мамлакатга катта миқдорда даромад келтиради. Танганинг орқа томони шундаки, бундай босимга дош берадиган мустаҳкам привентор (қопқоқ) йўқ эди. Уни чет элдан келтириш эса вақт талаб қилади. Келтирилганда ҳам фонтанга привентор ўрнатиш муаммоси бор.

Архив
Иккинчидан, нефт фонтани Сирдаё қирғоғидан атиги юз-юз эллик метр берида. Ҳар куни ўн минг тоннадан зиёд нефт отилиб чиқяпти. Фаввора атрофида ташкил этилган суний ҳавзалар тўлиб дарёга яқинлашмоқда. Нефтнинг дарёга оқиб тушиши эса ўнглаб бўлмас фожеага олиб келиши мумкин.
Шундай қилиб, ҳукумат комиссияси олдида фонтан сабабларини аниқлаш эмас, уни жиловлаш масаласи устивор турган. Ўшанда амалга оширилган муҳим тадбирлар қуйидагилар эди:
Сургич тракторлар билан Сирдарё қирғоқларига тўсиқ барпо этиш, яқин орадаги канал сувини тўхтатиб отилиб чиқаётган нефтни унга оққизиш;
Зудлик билан энг яқин темир йўл станцияси Оқтошда янги йўлаклар қуриш, у ерда нефтни ихтисослашган машиналардан вагонларга қуйиш инфратузилмасини барпо этиш;
Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи ва иситиш тизимига нефт маҳсулоти (мазут, дизел ёнилғиси) ишлатадиган водий вилоятларидаги идора, ташкилот, хўжаликарга ҳавза ҳамда каналдаги нефтни ташиб келтишларини ташкил этиш;
Таркиби энг мустаҳкам пўлатдан тайёрланган привентор келтириш;
Америка, Россия, Озарбайжондан мутахассисларни жалб этиш, уларнинг маслахати ва ёрдамида фавворани жиловлаш.
Мингбулоқ нефт фаввораси ҳудудида палатка ва вагон шаҳарчаси ташкил этилди. “Ахборот” мухбири сифатида тасвирчи иккимизга палаткаларнинг биридан жой бердилар. Биз воқеликни кеча-кудуз тасвирга туширар, сўнг Тошкентга, таҳририятга етказар эдик.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Муҳаммаджон Обидов
Хўш, Мингбулоқда нега нефт отилиб чиққан?
Мутахассислар таҳлилига кўра, ходиса биргина омил эмас, балки бир нечта сабаблар туташган ҳолда юз берган.
Аввало, геологик шароитлар мураккаб бўлган. Чуқур қатламлардаги юқори босим ва нефт-газ аралашмасининг хусусиятлари тўлиқ ҳисобга олинмаган. Бу эса бурғулаш жараёнини ҳавфли босқичга олиб кирган.
Иккинчидан, техник омил ҳал қилувчи рол ўйнаган. Қудуқни фавқулодда ҳолатда ёпиш учун мўлжалланган привентор юқори босимга чидамай ишдан чиққан. Шу орқали нефт чиқишини тўхтатиш муаммоси келиб чиққан.
Шу билан бирга, лойиҳалаш ва ташкилий камчиликлар ҳам мавжуд бўлган. Чуқур бурғулашда эҳтимолий хавфлар етарлича баҳоланмаган, ҳавфсизлик чоралари эса тўлиқ таъминланмаган. Бу хулосалар Қаюм Хаққулов бошчилигида ўтказилган бир неча муҳокамалар чоғида айтилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг собиқ ўринбосари Қаюм Ҳаққулов
Вазият кундан-кунга мураккаблашиб борди. Келтирилган привенторни ўрнатиш ва фавворани жиловлашга бўлган бир неча уринишлар самара бермади. Фавворадан учиб чиқаётган нефт зарралари атроф маҳалла, кейин қишлоқ уйлари томларини қорайтирди. Дарахтларга зарар етказди. Ҳаво таркибига аралашиб борди. Мингбулоқ нефт фаввораси экологик ва иқтисодий зарар келтирди. Нефть билан ифлосланган ерлар, зарар кўрган қишлоқ хўжалиги майдонлари ва ҳавога тарқалган зарарли моддалар ҳудуд экотизимига жиддий таъсир кўрсатди.
Шундай кунларнинг бирида, март ойининг 7 куни

Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов
Мингбулоқ нефт конида юз берган улкан техноген ходиса ҳудудига ташриф буюрди.
Мингбулоқ кони Фарғона водийсининг шимолий қисмида жойлашган бўлиб, шўролар давриданоқ истиқболли нефт-газ ҳудуди сифатида ўрганилган. Нефт қудуғини қазиш ҳам ўша даврда бошланган эди, аслида.
Президент ходиса оқибатлари билан батафсил танишди. Нефтчи, геолог, ҳарбий ва фавқулодда хизматлар раҳбарлари билан учрашди. У махсус штаб фаолияти ва ваколатини кенгайтириш, барча куч ва техник воситаларни сафарбар этиш, хорижий тажрибани қўллаш ҳақида топшириқ берди.

Мингбулоқ нефт
Мингбулоққа Қувайтдаги нефт ёнғинларини ўчиришда иштирок этган Американинг нефт қудуқларини назорат қилиш бўйича машхур мутахассислари жалб этилди. Афсуски, олис Америкадан келган мутахассислар аниқ ва самарали натижа берадиган ечимни тавсия қила олмадилар. Холбуки, фавқулодда вазиятни бартараф этиш ишларига юзлаб мутахассислар жалб этилди. Махсус техника ва турли усуллар қўлланилди. Қудуқни ёпиш учун яна ва яна бир неча бор уринишлар қилинди.
Фаввора жиловланишини давлат рахбари кабинетида кузатиб тура олмади. Март ойининг сўнгги кунлари яна Мингбулоққа келди. Танишув, тахлилий йиғилиш, топшириқлар… Аммо, нефт фавворасини жиловлаб бўлмасди.
Орадан бир ой ўтганда штаб йиғилиши қудуқ устидаги минорани ағдариш, сўнгра нефт фаввораси оғзига тўпдан отиб уни беркитишга қарор қилди. Шундай қилиб, 1992 йил 2 апрел куни қудуқ устидаги минорага учида илгич бўлган мустаҳкам трос отилди ва у нишонга илинди. Троснинг иккинчи учини энг қудратди япон булдозерларига улашди. Булдозерлар ҳаракатга келгач трос таранглашди ва ниҳоят миноранинг “оёқлари” асосдан узилиб ён томонга йиқилди. Шу дақиқада узилаётган металдан учқун учиб чиқди ва нефт фаввораси оний тезликда олов фавворасига айланди. Осмонга 40-50 метрли “олов тили” воҳимали гуввиллаган овоз чиқариб интилар эди.
Минора йиқитилиб четга олинди. Энди афтрофга нефт отилиши тўхтади. Аммо… яна бир оғир муаммо пайдо бўлди – олов ҳарорати 1500с дан ортиқ, уни жиловлаш учун шу даражадаги иссиқликда эриб кетмайдиган янги привентор (қопқоқ) керак эди.
Яна хорижий таъминотчиларга мурожаат қилинди ва дунёдаги энг мустаҳкам метал привентор Мингбулоққа келтирилди. У Россияда ишлаб чиқарилган бўлиб, 700 атмосфера босимига чидар эди. Привентор билан бирга 1000 атмосфера босимига дош берадиган фонтан арматураси хам олиб келинди.
Яна уринишлар бошланди. Афсуски, привентор ҳам, уни ўрнатадиган техника “қўли” ҳам эриб кетаверарди… Шу тариқа оловли бир ой ўтди.
Шу ўринда бир лаҳзалик тарихни ёдга олмасак бўлмас. 1992 йил, 2 май. Ярим тун. Мамлакат бош вазири Абдухошим Муталов, Наманган вилояти ҳокими Бургутали Рафиқалиев, Қаюм Ҳаққулов бош

Ўзбекистон Республикасининг собиқ бош вазири Абдухошим Муталов
мутахассислар оловни жиловлаш учун яна қандай усул қўллаш масаласини хорижий ҳамкасблари билан муҳокама қилар эдилар. Дала вагони сигарета тутунига тўлган. Гўё чироқ ҳам хиралашгандек. Кимдир робот қўлли техникани энг юқори ҳароратда ҳам эримас привенторлар билан жиҳозлашни таклиф этади, яна кимдир… Шу пайт вагонга бир киши ҳовлиқиб кириб келди.
Олов пасаймоқда!
Барча ҳовлига отилиб чиқди. Дала вагон олов фавворасидан чамаси 500-600 метр берида эди. Бир неча дақиқада осмонўпар олов тили тобора қисқариб, охири ер билан тенглашди, сўнг ўчди.
Ҳамма ўша томонга югурди. Шунда Қаюм Ҳаққулов олдинга чиқди-ю, барчани тўхтатди.
Тўхтанглар! Олов яна бехос отилиб чиқиши мумкин. Ҳеч ким бормайди. Мен сизларнинг ҳаётингиз учун жавобгарман. Ҳамма қолади, фақат ўзим бораман! – Ҳаққулов шундай деди-ю, ўчиб қолган фаввора томон югурди.
Йўқ. Ҳеч ким тўхтаб қолмади. Ҳамма жонини, ҳаётини таваккалга қўйган Ҳаққулов ортидан борар эди. Худди кинолардагидек!
Икки ой отилган фаввора ўчиб, ”лўп-лўп” деган овоз чиқарар эди, холос. Ишчи гурух, олим ва амалиётчилар, хорижий мутахассислар обдон уни айланди, кейин яна ҳамма вагонга қайтди. Хўш, нима бўлди? Нега фаввора ўз-ўзидан тўхтаб қолди? Ярим тундан то тонгги соат 4 га қадар фикр алмашилди, тахминлар айтилди, илмий хулосалар чиқарилди. Ва бир тўхтамга келишди: пастда ер ости ўпирилиши содир бўлган ва фаввора йўли тўсилиб қолган. Бу ерда янгидан қазиш ишлари амалга оширилиши керак.
Ҳамма бир хулосада. Аммо воқеани, кўнгилсиз хабарни Президентга ким ва қачон айтади?
– Абдуҳошим Муталович, сиз Бош вазирсиз, президентга бу гапни сиз ва ҳозир айтишингиз керак, – деди Ҳаққулов.
Бош вазир соҳани сизчалик билмайман, мен айта олмайман, деди. Вилоят ҳокими Бургутали Рафиқалиев ҳам бош тортди бу вазифадан.
Шунда Ҳаққулов ўзида ирода, куч топа олди. Хизмат телефонини кўтарди.
50-60 чоғли одам бўлган вагонда пашша учса эшитилгудек.
– Соедените меня с первым, – деди у жиддий оҳангда.
Бир оздан сўнг рус йигитнинг овози эшитилди у томондан.
– Слушаю Вас.
– Я Каюм Джалилович Хаккулов, соедините меня с первым, – деди у яна бир бор.
– Он отдыхает, – деган жавоб эшитилди.
– Разбудите и соедините. – Ҳаққуловнинг овози янада қатъийлашди.
Бироз жимлик тушди орага. Сўнг яна ўша овоз бу гал юмшоқроқ оҳангда деди:
– Он не один…
Ҳаққулов билдики, тонгги соат тўртда Президент ширин уйқуда. Қолаверса… ёлғиз эмас. Лекин ҳодиса мамлакат аҳамиятига эга. Қанчалар нохуш хабар бўлмасин, уни зудлик билан давлат раҳбарига етказиш лозим. Аслида телефондан келган овоз масалани “ёпган” эди. Муталов ва Рафиқалиев юввошланиб қолдилар ва Ҳаққуловга нажоткордек тикилар эдилар.
– Все равно разбудите и соедините, – деди бу гал овозини кўтариб, Ҳаққулов.
Орадан икки дақиқа чамаси вақт ўтди. Телефондан Президент овози эшитилди.
– Қаюм, тинчликми?
– Ислом Абдуғаниевич. Соат 23 дан 35 минут ўтганда нефть олов фонтани ўзидан ўзи ўчиб қолди. Лекин…
Ҳаққуловнинг охирги сўзи оғзида қолди. Президент трубкани қўйиб қўйганди. Давлат раҳбарига бу хабар чақмоқ ургандек таъсир қилганди. Бир сўз айтмай телефон гўшагини илиб қўйгани эса Ҳаққуловни дастлаб довдиратиб қўйди. Шундоғам қақшаган асаби қон томирларини бўрттириб юборди.
Вагонда ҳамма телефонга тикилганича ўтирарди. Ҳеч ким, ҳатто хорижий маслаҳатчилар ҳам чурқ этмасди. Шу тариқа чамаси беш дақиқа ўтди, лекин қандай дақиқалар эди бу!
Тўсатдан хукумат телефонининг жаранги оламни тутди.
– Қаюм, нима гап ўзи, нефть борми Мингбулоқда? – Бу Президентнинг овози эди.
Қаюм Ҳаққулов ярим соатдан ортиқ вақт ичида Президентга боя мутахассислар билан бўлган муҳокама хулосаларини тушунтирди.
Тўғри, Мингбулоқ нефт ва олов фавворасини жиловлаб бўлмади. Аммо ўзбекистонлик нефт бурғулаш сохаси фидойилари сидқидилдан, барча имкониятни ишга солиб харакат қилдилар. Ўзбекистон нефтегаз геофизика бирлашмаси бошлиғи Тошпўлат Бобожонов, Қўқон бурғулаш ташкилотининг бош мухандиси Мирзаахмад Абдурахимов, Қўқон геофизика ташкилоти бошлиғи Сохибжон Алиев, Давлат техник хавфсизлик қўмита раиси Акром Ахмадбоев, “Ўзбекнефтгаз ҳолдинг” компанияси раисининг биринчи ўринбосари Акбар Рахимов каби ўнлаб “нефтчи” лар барча йўналишда кеча-кундуз узлуксиз мехнат қилдилар. Мамлакат бош вазири Абдухошим Мутолов ва Наманган вилоят хокими Бургуали Рафиқалиев махсус ишчи комиссия ишлаши учун барча шароитни яратиб бердилар. Мингбулоқ нефт фаввораси аслида уларни хам имтихон қилиб жиддий синовдан ўтказди.
Шундай қилиб, 2 майга ўтар кечаси Мингбулоқ нефт фаввораси ўчиб қолди. Бу хақида тонг сахар, соат 4 да хабар топган президент эрталабгача ухлай олмади. Уни бир неча саволлар қийнар эди: қачон, қаерда хато қилдик? Мингбулоқда ерости улкан нефт захираси борлиги хақиқатми? Мамлакат нефт мустақиллигига эришиш учун қандай йўл тутиш лозим?…
Йўқ, президент ухлай олмасди, хам. Жавобсиз саволлар уни яна шу захотиёқ Наманганга, Мингбулоқ конига боришга мажбур қилди. Олов фаввораси ўчиб қолганидан сўнг ўн соат ўтгач давлат рахбари яна кечаги орзу ва умид учоғига келди…
Мен президентни мамлакат учун энг оғир сиёсий инқироз – 1991 йил 8-9 декабрда Наманганда, Тохир Йўлдошев ва Жума Хожиев (Намангоний)лар вилоят маъмурий биносини эгаллаб олиб Ўзбекистонни Ислом Республикасига айлантириш шартини қўйган ва 30 минг унинг тарафдорлари “Аллоху акбар, аллоху акбар!” дея хитоб қилган чоғида хам мухбир сифатида ёнида туриб кўрганман. Унинг нигохи қатъий, сўзлари ишончли эди, ўшанда.
Бу гал… Президентнинг мамлакат иқтисодиётига катта хисса қўшиши мумкин бўлган, дархақиқат дунёдаги ноёб, юқори босимдаги нефт фавворасига боғлаган умидлари бир зумда йўққа чиққанди. Уни илк бор рухан толиққан ахволда кўрдим. Аввалгидек жўшқинлик, қатъийлик, нигох йўқ эди. Гарчи бош вазир Абдухошим Муталов бирга бўлсада, президент унинг ўринбосари Қаюм Хаққулов билан мулоқот қилар эди. Бош вазир ўринбосарида эса рухий тушкунликдан асар хам бўлмаган. У ишчи комиссияси хулосаси, шахсий мулохазалари, кон тарихи ва истиқболи хақида дадил-дадил гапирар, президент саволларига аниқ, лўнда ва умидбахш жавоб қайтарарди. Менимча, Хаққуловдаги мамлакат нефт ва газ захиралари, уни бурғулаш, сохада малакали мутахассислар тайёрлаш борасидаги вазифалар ва нихоят Мингбулоқда ишлаганларнинг кеча-кундуз фидойилик билан қилган мехнатлари хақидаги гаплари Президент кайфиятини ўзгартирди. Унда Ўзбекистон нефтегаз тармоғи келажагига бўлган умид ва ишончни мустахкамлади.
– Мингбулоқ, Кўкдала ва бошқа платаларда бурғулаш ишлари дастурини тузинг. Сохага кадр тайёрлайдиган институт очиш бўйича таклиф тайёрланг, – деди президент хайрлашаётиб Хаққуловга. Ва яна қўшиб қўйди. – Дархақиқат, Мингбулоқ конида мутахассис ва олимлар, механик ва бурғу кранчилари, хамма-хамма борлиғини бериб ишлади. Уларни давлат мукофотларига тавсия этинг.
Мазкур ҳодиса нефт-газ соҳасида муҳим хулосалар чиқаришга сабаб бўлди.
Энг аввало, геологик тадқиқотлар ва илмий ҳисоб-китоблар ҳар қандай ишнинг асоси экани яна бир бор исботланди. Чуқур қатламлардаги босим ва шароитларни аниқ баҳоламаслик катта ҳавфларга олиб келиши мумкин экан.
Иккинчидан, техник ҳавфсизлик воситалари замонавий ва ишончли бўлиши шарт. Битта ускунанинг ишдан чиқиши бутун қудуқни издан чиқариши мумкинлиги маълум бўлди.
Учинчидан, фавқулодда ҳолатларга тайёргарлик ва тезкор қарор қабул қилиш тизими ҳали мукаммал эмаслиги, уни такомиллаштириш лозимлиги аён бўлди.
Бу воқеаларга 34 йилдан ортиқ вақт ўтди. Мен сизга телевидение, севимли жамоам “Ахборот”нинг икки ой шу ерда яшаб ҳар куни видеорепортажлар бериб турган мухбири сифатидаги ўша йиллар кундалигимдан жой олган кузатув ва хулосаларимни очиқладим.
Аммо, ҳали Мингбулоқ нефт конининг кўплаб мутахассислари, ижрочи ва ташкилотчилари, олимлар ва амалдорлари яратганга шукурки, ҳаётлар. Уларнинг хотиралари, тажриба, тахлил ва хулосалари дарсликлардан ўрин олмоғи лозим.
Мингбулоқ нефт фонтани – бу фақат ўтмишда қолган воқеа эмас. У бугунги кунда ҳам саноат ҳавфсизлиги, экологик масъулият ва илмий ёндашувнинг аҳамиятини эслатиб турадиган муҳим сабоқдир.
Муаллиф
ModeratorИзоҳлар йўқ.
Ferganamedia.uz 2024-йил 26-сентябрда Президент мақомоти ҳузуридаги АОКА томонидан электрон оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 414738. Ташкилотчи: «Fergana Media Press» МЧЖ.