Юкланмоқда...
Ferganamedia.uz 2024-йил 26-сентябрда Президент мақомоти ҳузуридаги АОКА томонидан электрон оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 414738. Ташкилотчи: «Fergana Media Press» МЧЖ.
Ferganamedia.uz 2024-йил 26-сентябрда Президент мақомоти ҳузуридаги АОКА томонидан электрон оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 414738. Ташкилотчи: «Fergana Media Press» МЧЖ.
Ушбу мақола 1995-йилда мактаб остонасига қадам қўйган муаллифнинг самимий хотиралари орқали таълимнинг "олтин даври" ва бугунги кун воқелиги ўртасидаги маънавий кўприкни гавдалантиради. Унда Эркиной Зокировна, Исақова Умидахон, Жўраева Розияхон каби фидойи устозларнинг заҳматли меҳнати ҳамда афсонавий 29-мактаб директори Абдурашидованинг қатъий интизомга асосланган тарбия мактаби ҳақида сўз боради.

Азиз мактабимиз
Вақт энг тезкор учқур. Лекин инсон хотирасида шундай лаҳзалар борки, улар йиллар ўтса-да, кечагидек ёрқин сақланиб қолади. 1995-йил 2-сентябрь куни Онам ва опамнинг қўлларидан тутиб, ҳаяжон билан биринчи синфга қадам қўйган куним.

Ўшанда мени илк бор бағрига олиб, илм оламига етаклаган Эркиной Зокировнанинг ручка ушлатган қўлларининг ҳароратини ҳалигача ҳис қиламан.
Таълимнинг Мустаҳкам Пойдевори Биз бугун жамиятда ўз ўрнимизни топган бўлсак, бунинг замирида бошланғич синф устозимиз Эркиной Зокировна бўлсалар юқори синфларда эса меҳр билан дарс берган Исақова Умидахон опамиз,

Исақова Умидахон устоз
ва бошқа устозларимизнинг бедор тунлари, чеккан заҳматлари ётибди.

Айниқса, Умидахон устозимизнинг ўта мулойимлик билан, биздек "тўполончи ва гап уқмас" болаларни алдаб бўлса-да илмга қизиқтиргани ҳақиқий маҳорат мактаби эди. Улар нафақат билим бердилар, балки бизнинг "фундаментал" оёққа туришимиз учун бор кучларини сарфладилар.
Мактаб даврининг энг «экстремал» лаҳзаларидан бири металлолом йиғиш кампанияси эди.Ҳозиргидек эсимда, мактабимиз яқинидаги русларга тегишли гараж кооперативлари биз учун ҳақиқий «хазиналар ороли» эди. Синфдошлар билан темир қидириб ўша ёққа бориб қолдик. Қарасак, бир четда яп-янгидек ялтираб “Запорожец” кузови турибди! Болалик ақлимиз билан “кимдир ташлаб юборибди-да” деб ўйлабмиз.
Ўша кузовни ҳаммамиз ёпишиб, терлаб-пишиб, катта зафар билан мактаб ҳовлисига судраб келганмиз. Лекин қувончимиз узоққа чўзилмади. Орқамиздан кузовнинг эгаси зардаси қайнаган рус кишиси етиб келганди. Мана ўшанда кўрганмиз Абдурашидовадан гап эшитиш қанақа бўлишини! Директоримизнинг ўша кунги нигоҳи ва танбеҳи олдида ер ёрилмади-ю, биз кириб кетмадик. Бу нафақат темир йиғиш, балки ўзганинг мулкига тегмаслик бўйича ҳаётимиздаги энг қаттиқ ва унутилмас дарс бўлганди.
Ўша даврда 29-мактабда ўзига хос бир интизом бор эди. Мактаб директори Абдурашидованинг исми янграганда,

нафақат "хулиган" болалар, балки бутун мактаб сув қуйгандек жим бўлиб қоларди.
Директоримизнинг ажойиб хислати бор эди у минглаб ўқувчининг исм-фамилиясини ёддан биларди. У кишининг "қора рўйхати"га тушиш энг катта жазо эди.

Лекин бу рўйхатга тушганлар ҳам четда қолиб кетмасди кутубхонада китоб ўқиш ёки мактаб ободончилигида қатнашиш орқали шахсан директор назоратида тарбияланарди.
Бу қаттиқ қўллик замирида бизнинг порлоқ келажагимизга бўлган ишонч бор эди.

Икки Давр Орасидаги Оғриқли Фарқ
Бугунги ёшларни ва баъзи ота-оналарни кузатиб, дилим оғрийди. Биз устоздан дакки эшитсак, уни уйга айтиб боришга қўрқардик. Чунки Онам "Агар айбинг бўлмаса, устозинг бекорга койимасди" деб, тарбиямизни янада кучайтирарди.
Афсуски, ҳозир устозга гап қайтариш, ҳатто қўл кўтариш даражасига бораётган ўқувчиларни, фарзандини ҳимоя қиламан деб устозга ташланаётган ота-оналарни кўрганда ўша даврлардаги самимийлик ва соддаликни соғинасан киши. Устозга бўлган ҳурмат бу миллатнинг эртанги кунига бўлган ҳурматдир.
Қадрли устозлар! Сиз берган таълим ва тарбия учун биз шогирдларингиз сиздан бир умр миннатдормиз. Бизни жамиятга керакли инсон қилиб етиштириш учун тўккан терларингизга рози бўлинг. Сизларнинг борлигингиз бизнинг бахтимиз. Аллохнинг панохида бўлинглар

Муаллиф
Шухратжон ЭсановИзоҳлар йўқ.
Ferganamedia.uz 2024-йил 26-сентябрда Президент мақомоти ҳузуридаги АОКА томонидан электрон оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 414738. Ташкилотчи: «Fergana Media Press» МЧЖ.