Юкланмоқда...
Ferganamedia.uz 2024-йил 26-сентябрда Президент мақомоти ҳузуридаги АОКА томонидан электрон оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 414738. Ташкилотчи: «Fergana Media Press» МЧЖ.
Ferganamedia.uz 2024-йил 26-сентябрда Президент мақомоти ҳузуридаги АОКА томонидан электрон оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 414738. Ташкилотчи: «Fergana Media Press» МЧЖ.
Бугун юртимизда нафақат Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги байрами, балки минглаб болажонлар ҳаётидаги энг унутилмас кунлардан бири мактаб остонасига илк қадам қўйиш куни. Фарғона шаҳридаги 2-сонли мактабда ҳам бугун 7 ёшли болажонлар янги ҳаёт, янги билим ва янги орзулар сари илк қадамларини қўйди.

Бугун 2 сентябр. Юртимизда Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан байрамона тадбирлар ўтказилаётган бир пайтда мамлакатимиз мактабларида янги ўқув йили ҳам бошланди.

2-Мактаб ўқувчилар иштирокидаги байрам тадбир жараёни
Бу кун айниқса ҳаётида илк бор мактаб остонасидан ҳатлаётган минглаб болажонлар учун унутилмас санага айланди. Жорий ўқув йилида Ўзбекистон мактабларига қарийб 400 минг нафар бола биринчи синфга қабул қилинди.

Фарғона шаҳридаги 2-сонли умумий ўрта та'лим мактабида ҳам эрталабдан байрамона кайфият ҳукм сурди. Кечагина боғча тарбияланувчиси бўлган 7 ёшли болажонлар бугун қўлида гулдаста, юзида табассум ва қалбида катта ҳаяжон билан илк бор мактаб ўқувчиси сифатида синф хоналарига кириб борди.

1-А синф ўқувчилари
Биз ҳам ушбу қувончли лаҳзаларга ўз кўзимиз билан гувоҳ бўлдик. Болажонларнинг шодон кайфияти, янги дўстлар орттиришга бўлган қизиқиши, ота-оналарнинг ҳаяжони ва устозларнинг илиқ кутиб олиши мактаб ҳовлисига ўзгача файз бағишлади.

2-сонли мактаб директори биринчи синф ўқувчиларига Президент совғаларини тантанали равишда топширмоқда.
Тантанали тадбирда биринчи синф ўқувчиларига давлатимиз раҳбарининг совғалари ҳамда зарур ўқув қуроллари тўпламлари ҳам топширилди.

Фарғона вилояти прокурорининг катта ёрдамчиси Сирожиддин Ғазиев
Тадбирда Фарғона вилояти прокурорининг катта ёрдамчиси Сирожиддин Ғазиев иштирок этиб, Президентимиз томонидан биринчи синфга қадам қўяётган болажонларга йўлланган табрикни шахсан ўқиб эшиттирди.

Шундан сўнг давлатимиз раҳбарининг эзгу тилаклари етказилиб, совға ва ўқув қуроллари болажонларга тантанали равишда топширилди.

Мактаб муассасаси раҳбарлари ва устозлар томонидан ҳам биринчи синф ўқувчиларига самимий тилаклар билдирилиб, уларга янги ўқув йилида улкан муваффақиятлар тилаб қолинди.

Аммо тадбирда э'тиборимизни тортган яна бир жиҳат бор эди.
У болажонларга тақдим этилган ўқув қуролларининг дизайни.
Унда нафақат ўқиш учун зарур бўлган анжомлар жамланган, балки ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган ўзига хос ечим ҳам кўзга ташланади.

Ўқув қуроллари жамланмасининг кўриниш қисмида Ўзбекистон Республикасининг муқаддас давлат рамзлари Давлат байроғи ва Давлат герби акс эттирилган махсус “брелоклар” жойлаштирилган.
Я'ни бола ҳар куни мактаб сумкасини ўзининг “попка” сини очаётганда ҳам, ёпаётганда ҳам нигоҳини юртимиз рамзларига қаратилган ҳолда кўриши мумкин.
Қарашда бу оддий дизайн ечими бўлиб кўриниши мумкин. Аммо бола тарбиясида бундай майда деталларнинг ҳам аҳамияти катта.
Чунки ватанпарварлик фақат баландпарвоз сўзлар билан эмас, балки ҳар куни кўриб, ҳис қилиб, англаб бориладиган тимсоллар орқали ҳам шаклланади.

Бугун биринчи синфга қадам қўйган болажонлар учун янги ҳаёт бошланди. Янги устозлар, янги дўстлар, янги билимлар ва катта орзулар сари илк қадам қўйилди.

Уларнинг бугунги қувончи эса юртимизнинг эртанги кунига бўлган ишончимизни янада мустаҳкамлайди.
Зеро, бугун мактаб остонасидан қадам қўйган 7 ёшли болажонлар эртанги Ўзбекистоннинг бунёдкорлари, илмли мутахассислари ва Ватан тақдирини ўз қўлига оладиган авлоддир.

Янги ўқув йили барча биринчи синф ўқувчилари, устозлар ва ота-оналарга муборак бўлсин! Илк қадамларингиз қутлуғ, орзуларингиз улуғ, келажагингиз порлоқ бўлсин, азиз болажонлар!

Муаллиф
Шухратжон ЭсановИзоҳлар йўқ.
Ferganamedia.uz 2024-йил 26-сентябрда Президент мақомоти ҳузуридаги АОКА томонидан электрон оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтказилган. Гувоҳнома рақами: 414738. Ташкилотчи: «Fergana Media Press» МЧЖ.